2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг табиий хом - ашё ресурслари, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини янада ривожлантириш орқали туман бюджетининг даромадлар базасини кенгайтириш, муҳандислик - коммуникация, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аҳолининг бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин:
2020-2022 йилларда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;
озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, шунингдек қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ;
хизмат кўрсатиш соҳасини ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ;
қишлоқ хўжалиги соҳасини янада барқарор ривожлантиришни таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 4-иловага мувофиқ;
йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилаш ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш чора-тадбирлари 5-иловага мувофиқ;
туман ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари 6-иловага мувофиқ;
туман ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш чора-тадбирлари 7-иловага мувофиқ;
туман ичимлик суви, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш чора-тадбирлари 8-иловага мувофиқ.